Ўзбекистонда ер ва сув солиғи ошмоқда
Бу бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистоннинг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Унга кўра, таклиф этилаётган лойиҳада ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун эса солиқ ва акциз солиғи ставкалари ўртача 10 фоизга индексация қилиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун фойдаланилган сув ҳажми қисми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан, деҳқон хўжаликлари учун белгиланган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2021 йил даражасида (1 куб метр учун 40 сўм) ўз ўрнида қолмоқда.
Шунингдек, фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда чегирмаларга киритиладиган амортизация ажратмалари нормаларини ўртача 2 бараварга ошириш, бир марталик инвестициявий чегирма миқдорларини, бинолар бўйича – 10 фоиз, янги технологик асбоб-ускуна бўйича – 20 фоиз белгиланган ҳолда 2 бараварга ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, кўчмас мулк жойлашган жойидан келиб чиқиб бир квадрат метр учун минимал қиймат жорий этиш билан бирга юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини пасайтириш, полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкасини 20 дан 10 фоизгача пасайтирган ҳолда, ушбу ставкани унинг импортига ҳам жорий этиш белгиланмоқда.
Мазкур лойиҳада солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектлар ҳисобини ташкил этиш, хусусан, солиқ имтиёзлари ҳисоби бўйича ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, солиқ тўловчининг ушбу маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш масаласи ҳам ўз ифодасини топган.
Юқоридаги кўрсатма ва таклифлар инобатга олиниб, қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи ноҳалол тадбиркорлар реестри тузилиши ҳамда Солиқ тўлашдан бўйин товлаган шахс жавобгарликка тортилиши қонун билан белгилангани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







