Аҳолини уй-жой билан таъминлашда янгича тартиб белгиланди
Vazirlik va viloyat hokimliklari 2022-yilgacha uy-joy bozorida 1 000 ta kvartira sotib olish choralarini ko‘radi.

Президентнинг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди.
Жумладан:
Ø Даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
Ø Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;
Ø Субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;
Ø Сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъий назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;
Ø Дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Шунингдек, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;
Ø Фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;
Бундан ташқари, мазкур маблағлар Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ орқали жойлаштирилади.
Ушбу тартибнинг амалий ифодаси сифатида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича ўтказилган электрон онлайн-аукцион ғолибларига лот қийматининг 30 фоизини аукцион якунланган кундан бошлаб 5 иш кунидан кечиктирмай, қолган қисмини 12 ой давомида тенг миқдорда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб пудрат ташкилотларига давлат рўйхатидан ўтказилган қурилиши тугалланмаган, том ёпиш ишлари бажарилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга тақдим этишга ҳам рухсат этилади.
Хусусан, 2023 йил 1 январга қадар: цемент маҳсулоти ва энергия тежамкор базальт қопламалари импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади ва 2024 йил 1 январга қадар рўйхати кўрсатилган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари импортида божхона божи ва утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.
Янги тартиб бўйича, сотиб олинган квартиралар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган тартибда ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳар бир ҳудудда уй-жой қурилиш кластерлари ташкил этилиши ҳамда янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилиши ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







