Украина Евроиттифоққа аъзо бўлиш ниятида
Польша ва Литва билан Иттифоққа аъзоликни қўллаб-қувватловчи баёнот имзоланди.

Президент Владимир Зеленский Польша ва Литва билан Украинага Европа Иттифоққига номзод давлат мақомини беришни қўллаб-қувватловчи баёнотни имзолади. Бу ҳақда Зеленский литвалик ва польшалик ҳамкасблари Гитас Науседа ва Анжей Дуда билан учрашувдан сўнг брифингда маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Литва ва Польша президентлари Украинага 23 февраль куни келган эди. Давлат раҳбарлари Россия Федерациясининг ҳаракатларини "тажовузкор" деб аташди. Улар “ДХР” “мустақиллиги”нинг тан олинишини қораладилар ва Россияга қарши санкцияларни олқишлаб, уларни кучайтиришга чақирдилар.
Шунингдек, Зеленский учрашувда Украина, Польша ва Литва Россиянинг Донбассдаги ҳаракатларига нисбатан бирдек фикрда эканини таъкидлади. Анжей Дуданинг айтишича, Россия Федерациясининг ҳаракатлари нафақат Украина, балки бутун минтақа, хусусан, НАТО ва ЕИнинг шарқий қаноти учун таҳдиддир.
Аввалроқ Украина Олий радаси ДХР ва ЛХР вилоятларида ҳарбий ҳолат эълон қилишга қарор қилгани хабар қилинган эди.








