Украинадаги воқеаларга дунё етакчиларининг муносабати қандай?
Дунё давлатлари Украинадаги фуқароларидан уйда қолишни ва кейинги ҳаракатлар бўйича кўрсатмаларни кутишни сўрамоқда (2-мақола).

Украина шарқидаги воқеаларга дунё етакчилари муносабат билдиришда давом этмоқда.
Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги РФ махсус операциясини кузатиб бораётганини билдирди ва можаро чуқурлашишининг олдини олишга чақирди. Мамлакат ҳукумати Россияга Хитойнинг ҳарбий ёрдами зарур бўлмаслигини айтмоқда. Маҳсус операцияга қарамай, Пекин Москва билан ҳамкорликда давом этишини билдирди.
Хитойнинг Украинадаги элчихонаси ўз фуқароларидан уйда қолишни сўрамоқда, агар улар уйларидан чиқишга мажбур бўлса, машинасининг кўринадиган жойида Хитой байроғини ўрнатиши таклиф қилинган.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пентагон раҳбари Ллойд Остин ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан Шимолий Атлантика альянси Россиянинг Донбассдаги махсус операциясига жавоб қайтаришни муҳокама қилди.
Айни пайтда Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Евроиитифоқ Россия махсус операцияси ҳудудида қолаётган ходимларни эвакуация қилишг атайёрланаётганини айтди.
Шунингдек у ЕИ Россияга қарши янги санкциялар киритишини кўриб чиқаётганини билдирди.
“Биз Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан кейинги санкциялар пакети киритишни кўриб чиқамиз. ЕИ кенгаши уни тезда қабул қилади”, - деб ёзган Боррель ўз Twitter саҳифасида.
Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Украинадаги махсус операциясини “халқаро ҳуқуқни очиқчасига бузиш” деб баҳолади. Кутилганидек, Германия ҳукумати “Шимолий оқим-2” газ ўтказгичига тақиқ қўйди. ГФР иқтисодиёт вазири Роберт Хабек ушбу лойиҳа ишга тушишининг келажагини кўрмаётганини айтди. Шунингдек у Германия энди газ ва кўмирни бошқа давлатлардан сотиб олишини маълум қилган.
Австрия президенти Александр Ван дер Беллен Россияни ҳарбий операцияни тўхтатишга чақирди, акс ҳолда “Москва ва ЕИ алоқаларини бир неча ўнйилликда ҳам тиклаб бўлмайди”.
Британия бош вазири Борис Жонсон ҳукуматнинг Cobra қўмитасини зудлик билан чақирди. Унда Россияга қарши санкциялар пакети муҳокама қилинади. Айни пайтда Британия ҳукумати Украинадаги фуқароларига уйда қолиш ва Украина ҳукумати тавсияларига амал қилишни буюрди.
Аввалроқ АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи етакчилари G7 аъзолари билан Россия ҳаракатларини муҳокама қилиб, жавоб тайёрлашини айтган эди.








