Наманганда 3 эгизак дунёга келди
Чақалоқларга Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Али ва Муҳаммад Юсуф деб исм қўйилган.

Наманган вилоятидаги шаҳар туғруқ комплексида бир йўла уч эгизак туғилди. Бу ҳақда УзА ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, эгизакларнинг барчаси ўғил фарзанд. Уларни Косонсой туманининг Чиндовул маҳалласида истиқомат қилувчи 27 ёшли аёл дунёга келтирган. Бу туғруқдан аввал аёлнинг фарзандлари икки нафар эди, уларнинг сони беш нафарга етди.
Чақалоқларнинг биринчи ва иккинчиси 2400 гр, кенжатойи эса 2000 гр вазнда таваллуд топган. Уч эгизакнинг саломатлиги ҳозирда барқарор ва тетик. Чақалоқларга Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Али, Муҳаммад Юсуф деб исмлар қўйилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида ИИБ ходими 4 эгизак фарзандли бўлгани хабар қилинганди.








