Оқ уй Эронни ядро келишуви ҳамон имзоланмаганида айблади
Жен Псакининг сўзларига кўра, Теҳрон мавзуга алоқадор бўлмаган талабларни қўйган.

Эрон ядро келишуви бўйича музокараларда мавзуга алоқадор бўлмаган шартларни қўймоқда. Бу ҳақда Оқ Уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.
"Фикримизча, бу битимнинг тузилиши масъулияти тўлиқ Эроннинг зиммасида турибди. Агар Теҳрон тайёр бўлса, миз қатъий келишувни имзолашга тайёрмиз. Аммо Эрон ядро келишувига амал қилишга алоқадор бўлмаган қатор масалаларни кўтарганини кўрдик", — деган у.
Псакининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар Эроннинг Венадаги келишувларга эътибор қаратишини истайди. У музокаралар тўхтаб қолгани учун айбни бошқалардан қидиришни тўхтатишни ҳам сўраган.
Душанба куни Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода Вашингтонни Венадаги музокаралар тўхтаб қолишида айблаб чиққанди. Унинг сўзларига кўра, Оқ уй ушбу вазиятдан ўз ички муаммоларини ҳал этиш йўлида фойдаланмоқчи.
Маълумот ўрнида: 2015 йилда Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ҳамда Хитой ўртасида "Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси" имзоланган. Унга кўра, Теҳрон ядро қуроли ишлаб чиқишдан воз кечиши, Ғарб эса иқтисодий санкцияларни бекор қилиши лозим эди. Аммо 2018 йилда АҚШ бу келишувдан чиқиб кетди.
Жозеф Байден АҚШ президентига айлангач, келишувни қайтиб тиклаш ташаббуси билан чиқди. 2021 йилдан бошлаб Венада саккиз раундли музокаралар ўтказилди. 11 март куни томонлар ташқи факторлар туфайли танаффус олди. Унга асосий сабаб қилиб Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси кўрсатилмоқда. Бунга қадар музокаралар финал босқичига чиққан ва февраль охирида якунланиши керак эди.
Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири тез орада келишувга эришилиши тўғрисида маълумот берганди.







