Пхеньянда Ким Чен Ынга бағишланган кўргазма зали очилди
Унда Шимолий Корея етакчисининг "ўлмас муваффақиятлари" акс эттирилган экспозициялар ўрин олган.

Пхеньяндаги марказий инқилоб музейида Ким Чен Ыннинг ҳокимиятга келгани ўн йиллиги муносабати билан махсус кўргазма очилди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.
Унга кўра, кўргазмада мамлакат раҳбарининг "ўлмас муваффақиятлари" акс этган фото ва видеолавҳалар ўрин олган. Экспозицияларнинг аксарияти 2016 йилдаги Корея меҳнат партияси съездидан кейинги даврга бағишланган. Ўша йили Ким КХДР мудофаа салоҳиятини кучайтиришга ва "масъулиятли ядро давлати" ташкил этишга топшириқ берганди.
Телеграф агентлиги шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб Ким Чен Ыннинг ҳокимиятга келгани муносабати билан кўплаб тадбирлар бўлиб ўтганини маълум қилган.
Ким 2012 йил 11 апрелда расман мамлакат меҳнат партияси биринчи котиби этиб тайинланган.
Аввалроқ Жанубий Корея Пхеньянни мулоқотга чақирганди.







