Инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди — Шавкат Мирзиёев
Президент пора билан ушланаётган ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапирди.

Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллабай ишлаш тизимида камчиликка йўл қўйган ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапирди.
“Шу билан бирга, жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари “кредит, субсидия, ер олиб бераман”, деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолатдир”, — деди Президент.
Маълум қилинишича, Тўрақўрғон тумани “Шарқ” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун “пора” олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам мавжуд.
“Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, республика вакиллари, Убайдуллаев ва унинг қуйи тизими раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Одамларни рози қилиш ва инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди”, деди давлат раҳбари.








