Яман хусийлари болаларни урушга жалб қилмасликка рози бўлди
Бу борада БМТ билан махсус келишув имзоланган.

Яман хусийлари ҳарбий ҳаракатларда болалардан фойдаланишни тўхтатишга рози бўлди. Бу ҳақда БМТ маълум қилди.
Ташкилотнинг таъкидлашича, хусийлар “ҳаракатлар дастури”ни қабул қилган ва имзолаган. Унга кўра, эндиликда болалар қуролли низога жалб этилмайди, шунингдек, касалхона ва мактабларга ҳужумлар уюштириш тўхтатилади. БМТ вакили Стефан Дюжаррик исёнчилар ўз сафидан болаларни олти ой давомида чиқаришини айтган.
Келишувни хусийларнинг дипломатларидан бири Абдул Элух Хаджар имзолаган. Уни имзолаш жараёнида БМТ расмийлари иштирок этган ва у мамлакат пойтахти Санада бўлиб ўтган. хусийлар бу тадбирни болаларни ҳимоя қилиш учун амалга оширилганини айтмоқда.
БМТнинг олий мартабали амалдори Виржиния Гамба бу қадамни “позитив ва умид берувчи” деб баҳолаган.
“Ҳаракатлар режаси тўлиқ амалга оширилиши ва Ямандаги болаларнинг ҳимояси учун сезиларли натижаларга олиб келиши керак”, – деган Гамба.
БМТ маълумотларига кўра, Ямандаги фуқаролар уруши давомида 3500 нафар бола ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Аммо бу рақам анча кўп бўлиши мумкин. масалан, хусийлар вакилининг Associated Press’га берган интервьюсида урушга жалб қилинган болалар сони 18 мингдан ортиқ эканини тан олган. Ўшанда айрим болалар 10 ёшидан бошлаб қўлига қурол ушлаганини айтган.
Халқаро ташкилотлар фуқаролар уруши давомида 10200 нафар болалар ҳалок бўлганини очиқлаган.
Яманда фуқаролар уруши 2014 йилда авж олиб кетди. Ўшанда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган хусийлар Санани эгаллаб олади ва расмий ҳукуматни мамлакатдан тарк этишга мажбур қилади. 2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси можарога аралашади.
Таҳлилчилар уруш давомида 14.5 минг тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилган. Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Аввалроқ Саудия Арабистони Яман президентини истеъфога чиқишга мажбур қилгани тўғрисида хабар берилганди.







