“Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар” – Шавкат Мирзиёев
Ортиқча ғалла давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида сотилишига рухсат берилади

Айни дамда ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган Президент йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда ғалла қабул қилиш пунктлари сонини камайтириш ва кейинги йилдан бошлаб уларни хусусийлаштириш чора-тадбирлари белгилаб берилди.
“Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар”, – дея таъкидлади Президент. “Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Марҳамат, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин”.
Бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чоралар кўриб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда:
- фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
- 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.
Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.







