Қозоғистон депутатлари Қирғизистонга ҳарбий ёрдам етказиб берилишини маъқуллади
Икки давлат 2021 йил декабрида ҳарбий ёрдам етказиб бериш бўйича келишувга эришганди.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси Қирғизистонга беғараз ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишувни маъқуллади.
Ушбу шартнома 2021 йил 7 декабрда Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари томонидан имзоланганди. Ушбу ҳужжатга кўра, Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигини таъминлаш ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш мақсадида Нур-Султон Бишкекка бир марталик ҳарбий мулкни беғараз етказиб беради.
Шу билан бирга ҳарбий ёрдам ҳажми ва кўриниши бўйича икки давлатнинг масъул органлари дипломатик каналлар орқали музокара олиб бормоқда. Келишувга биноан Қозоғистон ёрдамни автомобиль транспорти орқали Қирғизистоннинг Қўй-Тош аҳоли яшаш пунктига етказиб беради. Шу билан бирга Бишкек бу техникани бошқа давлатларга бермаслиги ва уларни МДҲ давлатларига қарши ишлатмаслиги белгилаб қўйилган.
Аввалроқ Қозоғистон буғдой экспортини чеклаб қўйгани тўғрисида хабар берилганди.







