Андижонда ишга киритиш эвазига 600 доллар сўраган шахс ушланди
Ҳолат бўйича вилоят ИИБ маълумот берди.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ишга киритиб қўйиш эвазига 600 АҚШ доллари пора талаб қилган фирибгар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
16 май куни фуқаро аризасига биноан, Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупсия ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Жалақудуқ тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро Т.Х. ариза муаллифи A.Ж.ни тиббиёт бирлашмасига “Компютер инженерлиги” вазифасига ишга жойлаб қўйишини айтиб, ундан 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олаётган вақтида қўлга тушган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ҳамда 25, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Асака туманида фуқаро 40 млн сўм пора билан ушланганди. У тумандаги фермер хўжалиги ҳудудига қуввати 100 КВА бўлган трансформаторни ўрнатиб бермоқчи бўлган.








