КХДР Жанубий Корея ҳарбий ўқув қўлланмасида “душман” сифатида қайд этилди
Бунга қадар Пхеньян “реал ҳарбий таҳдид” сифатида баҳолаб келинган.

Жанубий Корея мудофаа вазирлиги ўқув материалларида КХДР «душман» сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.
“Шимолий Кореянинг провокациялари бизнинг хавфсизлигимизга таҳдид туғдиради. Бу таҳдидлар сақланиб қолар экан, КХДР армияси ва режими бизнинг душманларимиз”, – дейилган офицер ва аскарлар учун мўлжалланган ўқув материалларидан бирида.
Ушбу қўлланма 9 май куни тарқатилган. Унга қадар мамлакат мудофаа вазири Ли Чжон Соп КХДРни эҳтимолий душман деб атаганди.
Yonhap агентлиги маълумотларига кўра, Жанубий Кореянинг аввалги президенти Мун Чже Ин ва унинг администрацияси дипломатик сабабларга кўра, Пхеньянни душман деб атамаган ва “реал ҳарбий таҳдид” сифатида баҳолаб келаётганди. Ўз навбатида амалдаги президент Юн Сок Ёль КХДРга қарши қаттиқроқ позиция эгаллашини очиқ маълум қилган.
Йил бошидан буён Шимолий Корея 17 бор ракета синовлари ўтказган. Сўнгги маротаба 25 май куни баллистик ракета учирилган. Бунга жавобан Сеул ва Вашингтон ўз ракета тизимлари иштирокида машғулот ўтказди.
АҚШ Шимолий Кореянинг йирик хакерлар гуруҳига санкция қўймоқчи эканлиги тўғрисида хабар берилганди.







