Жозеп Боррель Теҳронга ташриф буюради
У Эрон ядро дастури бўйича музокара ўтказади.

24 июнь куни Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва сиёсат бўйича олий вакили Жозеп Боррель Теҳронга ташриф буюради. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Боррель шанба кунига қадар Эрон пойтахтида бўлади. У мамлакат ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳиян ва бошқа расмийлар билан учрашув ўтказади.
Эрон ядро дастури бўйича музокаралар мулоқотнинг марказий мавзуси ҳисобланади.
Маълумот ўрнида: 2015 йилда Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ҳамда Хитой ўртасида "Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси" имзоланган. Унга кўра, Теҳрон ядро қуроли ишлаб чиқишдан воз кечиши, Ғарб эса иқтисодий санкцияларни бекор қилиши лозим эди. Аммо 2018 йилда АҚШ бу келишувдан чиқиб кетди.
Жозеф Байден АҚШ президентига айлангач, келишувни қайтиб тиклаш ташаббуси билан чиқди. 2021 йилдан бошлаб Венада саккиз раундли музокаралар ўтказилди. 11 март куни томонлар ташқи факторлар туфайли танаффус олди. Унга асосий сабаб қилиб Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси кўрсатилмоқда. Бунга қадар музокаралар финал босқичига чиққан ва февраль охирида якунланиши керак эди.
Аввалроқ Эрон ядро дастури бўйича музокараларидаги 90 фоиз масала ҳал этилгани тўғрисида хабар берилганди.







