Москва ва Пекин глобал Жануб йўналишидаги позицияларини мустаҳкамламоқда
“The Wall Street Journal” мақоласида бу жараён таҳлил қилинган.

Россия ва Хитой Ғарб билан қарама-қаршилик шароитида Глобал “Жануб” билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, Россия раҳбарияти мавжуд геосиёсий таранглик шароитида “Шимол-Жануб йўналишида дипломатия, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида янги тармоқларни яратмоқда”. Бу йўналишда Москванинг энг асосий иттифоқчиси Хитой ҳисобланади. Пекин бу бўйича катта тажрибага эгалиги, у узоқ йиллар давомида Осиё, Лотин Америкаси ва Африка билан савдо олиб боргани ва инвестициялар киритгани таъкидланган.
“Бу давлатлар йирик иқтисодий ёки дипломатик ўйинчилар эмас, аммо уларнинг аксарияти тез ривожланиб бораётган бозорларга эга, стратегик савдо маршрутлари устида жойлашган, бошқалари эса “тоза энергия”а ўтишда муҳим бўлган ресурсларга эга”, – дейилади мақолада.
Шу билан бирга “Шимол-Жануб” йўналиши давлатларининг деярли барчасида Ғарб қадриятларига қарама-қарши мақсадлар борлиги қайд этилган.
“The Wall Street Journal” фикрича, Пекин ва Москва глобал энергетика бозорини ўзи учун узоқ йиллар фойда келтирадиган ва Ғарбнинг зарарига ишлайдиган оқимга буриб юбормоқчи. Бу “Украина низосининг узоқ истиқболдаги асосий якунларидан бири бўлади”.
Бундан ташқари, АҚШнинг асосий эътибори Ғарбга қаратилган бир пайтда Россия ва Хитой “янги реаллик”ка кўра иш юритаётгани қайд этилган.
Аввалроқ Россия, Эрон ва Хитой АҚШ чегаралари яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказмоқчи эканлиги тўғрисида хабар берилганди.







