Афғонистондан Термизга снаряд учирганлар қўлга олинди
Жиноий гуруҳнинг 3 нафар аъзоси ўлдирилган.

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига Афғонистон томондан снаряд учирганлар қўлга олинди. Афғонистон ҳукумати расмийси Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг маълум қилишича, Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманидаги махсус операция давомида “Хаворижлар” маркази топилиб, йўқ қилинган.
Oперацияда 3 нафар хавориж ўлдирилган, беш нафари тириклайин қўлга олинган. Уларнинг автомашиналари ва қуроллари мусодара қилинган. Қўшимча қилинишича, гуруҳ аъзолари Тожикистон ҳудудига ҳам снарядлар учирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июль куни Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласига Афғонистон томондан 5 та ракета келиб тушганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги снарядлар ҳужуми пайтида портлашлар содир бўлмагани ва оқибатда ҳеч ким ҳалок бўлмаганини билдирган.








