Қашқадарёда директор ва ўқитувчи муштлашди
Ҳолат бўйича ҳокимлик ва ИИБ муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида директор ва ўқитувчи муштлашгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича туман ҳокимлиги ва ИИБ ахборот хизматлари расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 15 июль куни соат 11:00 атрофида Нишон туман 2-сон касб-ҳунар мактабида фуқаролар Г. У. ва Х. О. оъзаро тортишиб қолиб, келишмовчилик юзага келган.
Нишон тумани ҳокими ўринбосари С. Худойқулов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, воқеанинг асл сабаби кенг жамоатчилик билан бирга ўрганилган.
“Директор ва ўқитувчи айни вақтда ўзаро келишиб олган ҳолда, бир-бирига нисбатан ҳеч қандай гина-кудратни сақлаб қолмаган ва келажакда дўстона руҳда биргаликда ишлашга қўл ташлашган”, — дейилади туман ҳокимлиги хабарида.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Нишон туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








