Россия ва Эрон 40 миллиард долларлик келишувга эришди
Бу шартнома нефть-газ тармоғига оид.

“Газпром” ва Эрон миллий нефть корпорацияси ўртасида қўшма меморандум имзоланди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
Меморандумда кўзда тутилган лойиҳаларнинг умумий миқдори 40 миллиард долларни ташкил этади. Унга кўра, Киш ва Шимолий Парс газ конларини биргаликда ўзлаштириш, Жанубий Парс конидаги босимни ошириш, олтита нефть конларини ишга тушириш, суюлтирилган газ лойиҳаларини якунлаш, экспорт газ қувурларини қуриш ва бошқа илмий-техник ҳамкорлик амалга оширилади.
Россия томонидан шартномани “Газпром” раиси ўринбосари Виталий Маркелов, Эрон томонидан миллий газ корпорацияси раҳбари Муҳсин Хойстемер имзолаган.
Аввалроқ Путиннинг Эронга ташрифи тўғрисида маълумот берилганди.







