Путин Эрдоған ва Раисий билан нималарни муҳокама қилади?
Эрон пойтахтида уч давлат учрашуви ўтказилади.

Бугун Теҳронда Россия, Туркия ва Эрон раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади. Унда томонлар икки ва кўп томонлама музокаралар ўтказади.
Ҳафтанинг асосий сиёсий воқеаси бўлиши кутилаётган учрашув тафсилотлари ҳақида Кремль матбуот хизмати қўшимча маълумот берди.
Унга кўра, РФ раҳбари Туркия ва Эрон етакчилари билан яккама-якка мулоқот ўтказади. Муҳокамалар марказида халқаро майдондаги энг долзарб масалалар, хусусан, Украина мавзуси турибди. Эрдоған ва Путин Украина портларидан ғалла олиб чиқиш имкониятларини ҳам кўриб чиқади.
Эрон президенти Иброҳим Раисий россиялик ҳамкасби билан ядро дастури масаласини муҳокама қилади. Кремлнинг қайд этишича, Москва Теҳронга қўйилган халқаро чекловлар таъсирини камайтириш тарафдори. Шунингдек, томонлар ўзаро муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтармоқчи, бу бўйича янги давлатлараро шартнома тайёрланмоқда. Путин Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хумайний билан ҳам учрашиши кутиляпти.
Уч томонлама музокаралар марказида Сурия турибди. Кўриб чиқиладиган масалалар қаторига терроризмни таг-томири билан йўқотиш, гуманитар ёрдам кўрсатиш кабилар киради. Бундан ташқари, Сурия ташқи ишлар вазирлиги конституция бўйича музокараларни тиклашни ҳам кўтаришини маълум қилган.
Аввалроқ Эронда ядро қуроли ишлаб чиқариш учун барча имкониятлар борлиги маълум қилинганди.







