АҚШ вакили Эрон билан музокара ўтказади
У Европа воситчалигида бўлиб ўтади.

АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Роберт Мэлли Теҳрон билан музокара ўтказади. Бу ҳақда унинг ўзи Twitter саҳифасида ёзган.
“Венага Жозеп Боррель таклифи асосидаги музокараларга бораман. Бизнинг умидларимиз катта эмас, аммо Қўшма Штатлар Евроиттифоқ ҳаракатларини олқишлайди ҳамда келишувга тайёр. Эрон бунга тайёрлиги тез орада маълум бўлади”, – деган дипломат.
Маълумот ўрнида: 2015 йилда Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ҳамда Хитой ўртасида "Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси" имзоланган. Унга кўра, Теҳрон ядро қуроли ишлаб чиқишдан воз кечиши, Ғарб эса иқтисодий санкцияларни бекор қилиши лозим эди. Аммо 2018 йилда АҚШ бу келишувдан чиқиб кетди.
Жозеф Байден АҚШ президентига айлангач, келишувни қайтиб тиклаш ташаббуси билан чиқди. 2021 йилдан бошлаб Венада саккиз раундли музокаралар ўтказилди. 11 март куни томонлар ташқи факторлар туфайли танаффус олди. Унга асосий сабаб қилиб Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси кўрсатилмоқда. Бунга қадар музокаралар финал босқичига чиққан ва февраль охирида якунланиши керак эди.
Аввалроқ Эрон барча технологияларга эга бўлса-да, атом бомбаси яратиш нияти йўқлигини маълум қилганди.








