Қашқадарёдаги иккита қишлоқ аҳолиси ўртасида жанжал чиқди
Экология бошқармаси ҳодиса сабабини очиқлади.

Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида икки қишлоқ аҳолиси ўртасида жанжал юзага келгани ва унда туман Экология бўлими бошлиғи борлиги айтилган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат бўйича вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Воқеа 10 август куни “Тарқопчуғай” МФЙга қарашли Бўзтепа қишлоғига ёндош Себатли ҳудудида рўй берган бўлиб, ушбу жанжал каврак ширасини йиғиш истагида бўлган шахслар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар туфайли келиб чиққан. Ҳолат содир бўлган жойда туман Экология бўлими бошлиғи бўлмаган.
Мазкур масала юзасидан айни пайтда Экология қўмитаси, вилоят Экология бошқармаси ва туман бўлими, туман ҳокимлиги, туман прокуратура, адлия, туман ИИБ, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, туман меҳнат ва бандлик бўлими, кадастр палатасининг туман филиали масъуллари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.








