24 нафар афғонистонлик Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтди
ДХХ ҳодиса сабабини маълум қилди.

24 нафар Афғонистон фуқароси Давлат чегарасини бузиб ноқонуний Ўзбекистонга ўтди. Бу ҳақда ДХХ Чегара қўшинлари маълум қилди.
Қайд этилишича, 21 август куни Сурхондарё вилоятининг “Орол Пайғамбар” ороли ҳудудида бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари Давлат чегарасини бузиб, ўз қайиқларида юқорида қайд этилган орол томон ҳаракатланган.
Ҳудудга етиб келган Ўзбекистон чегара қўшинлари вакилларига қоидабузарлар қаршилик кўрсатган.
Олиб борилган тезкор тадбир натижасида Ўзбекистон Давлат чегарасини бузганларнинг барчаси (жами 24 нафар) шахсини аниқлаш ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш мақсадида қўлга олинган.
Ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, чегарадаги ҳодисага Ўзбекистоннинг чегара ҳудудида кўп миқдорда ўсадиган қизилмия илдизининг ноқонуний равишда олиниши сабаб бўлгани аниқланган.
Айни пайтда “Орол Пайғамбар” ороли ҳудуди Ўзбекистон Чегара қўшинлари бўлинмаларининг тўлиқ назорати остида.








