АҚШ толиблар билан музлатилган активлар бўйича музокараларни давом эттиради
Бунга нима сабаб бўлгани очиқланди.

Жозеф Байден администрацияси Афғонистоннинг музлатилган активларини қайтариш ишини давом эттиради. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, бу “Толибон” ва Афғонистон марказий банки томонидан секин қадам ташланаётганига қарамай амалга оширилмоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Вашингтон афғонлар орасида қашшоқлик ва гуманитар инқирознинг кенгайишидан хавотир билдирган. БМТ 22.8 миллион афғонистонлик тўйиб овқатланмаслигини, 8.7 миллион аҳоли очликда яшашини маълум қилган. ҳозирда толиблар давлат захираларининг 0.1 фоизини тасарруф қила олади. Қолган қисми АҚШ томонидан музлатиб қўйилган.
Reuters манбаларидан бири “Толибон”ни ҳаракатсизликда айблаган. Шунга қарамай, Кобулда “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завохирийнинг ўлдирилганидан сўнг, Давлат департаменти ва молия вазирлиги толиблар билан музокараларни давом эттиришга қарор қилган.
Вашингтон захираларни Швейцариядаги траст фондларидан бирига ўтказади. Бу орқали улар “Толибон”ни четлаб ўтиб пулларни Афғонистонга йўналтирмоқчи.
Аввалроқ толиблар Москвага бартер савдосини йўлга қўйишни таклиф қилганди.







