“Электрон ҳукумат” тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази очилди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент вилояти ва пойтахтимиздаги ана шундай мажмуаларни кўздан кечирди.

Шавкат Мирзиёев “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистонда биринчи катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказини бориб кўрди.
Марказда Хитойнинг Huawei компанияси билан ҳамкорликда 20 петабайт хотирага эга тизим ташкил этилган. 580 та сервер, умумий электр қуввати 5 мегаваттли дизель генераторлар тизимнинг узлуксиз ишлашига замин яратади.
Мазкур марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган миллиардлаб ҳаражатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади. Энг асосийси, киберҳужумлардан ишончли ҳимоя таъминланади.
"Бу марказ рақамлаштиришнинг “юраги”, “Электрон ҳукумат”нинг замини", - деди Президент.







