ОАВ: Америка компаниялари Туркия орқали Россияга қайтмоқчи
Улар қайси маҳсулотларни сотиб олмоқчи эканлиги очиқланди.

Россия бозорини тарк этган Америка компаниялари Туркия орқали РФга қайтмоқчи. Бу ҳақда турк бизнес доираларига таяниб Yeni Safak газетаси хабар берди.
Газета маълумотларига кўра, ҳозирда АҚШ компаниялари Дубайдаги фирмаларини сафарбар қилган. Улар ўз навбатида Туркияга мурожаат билан чиққан. Шу тариқа Америка бизнеси Россияни тарк этганидан сўнг кўрган зарарини қопламоқчи.
Хусусан, улар турклар воситачилигида Москвадан нефть-кимё, минерал ёқилғи, қимматли металлар ва тошлар, ғалла, темир ва пўлат, минерал ўғитлар, сув ва алкоголь маҳсулотларини сотиб олмоқчи.
23 август куни АҚШ молия вазирлиги Туркияни Россия масаласида огоҳлантирганди. Вашингтон Москвани Анқара орқали санкцияларни четлаб ўтишидан хавотирда.
Аввалроқ Ғарб БМТда Россияга қарши санкция таклиф қилишни тўхтатгани тўғрисида хабар берилганди.







