Трасс Байден билан мулоқот ўтказди
Томонлар нима масалаларда келишиб олгани маълум бўлди

Янги сайланган Буюк Британия бош вазири Элизабет Трасс АҚШ президенти Жозеф Байден билан телефон мулоқотини ўтказди. Томонлар Россия-Украина можароси, Хитой ва Эрон томонидан Ғарбга бўлаётган таҳдидлар масаласини муҳокама қилган.
Оқ уй маълумотларига кўра, Байден Трассни янги лавозими билан табриклаган. Икки давлат етакчилари АҚШ ва Буюк Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсатини, Хитой атрофидаги вазиятни, Эрон билан ядро музокараларини, шунингдек, энергетик мустақиллик масалаларини муҳокама қилган.
Даунинг-стрит ўз навбатида Байден ва Трасс NATO ва AUKUS доирасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олганини маълум қилган.
Бу Буюк Британия янги бош вазирининг лавозимига киришгандан кейинги иккинчи телефон мулоқоти. У дастлаб Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказди. Трасс тез орада Киевга ташриф буюришга ваъда берган.
Аввалроқ Борис Жонсон Трасс унинг сиёсатини давом эттиришига умид билдирганди.







