БМТ Украина қанча озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилганини очиқлади
1 августда портлар орқали ғалла савдоси тикланган эди.

Истанбул координацион маркази 1 августдан буён Украина портларидан 2.5 миллион тонна озиқ-овқат олиб чиқилганини маълум қилди.
“9 сентябрь ҳолатига кўра учта Украина портидан экспорт қилинган ғалла ва бошқа маҳсулотларнинг умумий тоннажи 2 миллион 463 минг 991 тоннадан ошди. Ҳозирги вақтда жами 237 кеманинг ҳаракатига рухсат берилди – уларнинг129 таси Украина портларига кирди ва 108 таси чиқиб кетди”, – дейилади марказ ахборотида.
Маълумот ўрнида: 22 июль куни Россия, Украина, Туркия ва БМТ ғалла экспортини тиклаш бўйича тўрт томонлама келишувга эришди. Истанбулда унинг амалга оширилиши юзасидан координацион марказ тузилди.
Россия сўнгги вақтларда Украина ғалласи асосан бой давлатларга олиб кетилаётганини иддао қилмоқда. Хусусан, Владимир Путин олиб чиқилган доннинг атиги 3 фоизи қашшоқ давлатларга берилганини айтган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бу фикрларни қўллаб-қувватлаган. У Самарқандда Россия етакчиси билан бу масалада келишиб олмоқчи.







