Қўшнимиз билан қандай қилиб ёмон бўлишимиз мумкин?! — Президент
Шавкат Мирзиёев ҳокимни тайинлаш бўйича ташкилий масала кўрилаётган навбатдан ташқари сессияда бугунги дунёдаги вазият тўғрисида ҳам тўхталди.

Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Сессияда Тошкент вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала кўриб чиқилмоқда.
Президент 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Мирзаев Зойир Тоирович номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.
Номзод бўйича муҳокамаларни бошлашдан аввал сўзни номзодга бериб, унинг 10 ой давомида вилоятда тўплаган тажрибаси ва хулосалари асосида келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини эшитиш таклиф қилинди.
“Мен бугун қадимий, ватанимиз тараққиётида катта ўринга эга бўлган Тошкент вилоятида сиз, азизлар билан учрашиб, барчангизни соғ-саломат ва яхши кайфиятда кўриб турганимдан хурсандман.
Мана, Самарқандда йирик тадбир ўтказдик. Унинг аҳамиятини ҳаммамиз англаб етяпмиз. ШҲТ саммити олдида турли гап-сўзлар кўпайиб кетганидан кейин мен махсус мақола эълон қилдим ва аниқ тушунтирдим – бизнинг йўлимиз фақат тинчлик ва ҳамкорлик йўли!
Дунё сиёсатини кузатяпсиз, кечаги вазият бугунга, бугунги вазият эртага тўғри келмаяпти. Уларни енгиш учун катта сиёсий ирода керак бўлади.
Албатта, ҳаммасини 5 йил олдинги вазият билан солиштириш мумкин. Эсингизда бўлса, 5 йил олдин мана шу Тошкент вилояти яқинида, республикамиз сарҳадларида миналари турарди. Шахсан ўзим назорат қилиб уларни олдирдим. Ахир қўшнимиз билан қандай қилиб ёмон бўлишимиз мумкин?! Бизнинг бу ҳаракатларимиз барча қўшниларимизга ўрнак бўлсин. Ҳамма ҳаракатларимиз моҳияти тинчлик ва фақат тинчлик”, – деди давлат раҳбари ўз нутқи бошида.







