Толиблар Россияни нефть маҳсулотлари сотишга кўндирди
Ўтган ойда Афғонистон делегацияси бу масала бўйича Москвада музокара ўтказганди.

Россия “Толибон”га озиқ-овқат ва ёқилғи экспорт қилишга рози бўлди. Афғонистон савдо вазири в.б. Нуриддин Азизий бу ҳақда маълум қилди.
Унга кўра, Москва ҳар йили 1 миллион тонна бензин, 1 миллион тонна дизель, 500 минг тонна суюлтирилган табиий газ ва 2 миллион тонна буғдой етказиб беради. Шартномалар амалга оширилиши бўйича синов муддати белгиланган. Агар ушбу муддат муваффақиятли ўтган деб топилса, томонлар келишувни узайтиради.
Товарлар Афғонистонга темирйўл орқали олиб келинади. Азизийнинг сўзларига кўра, Россия жаҳон бозоридаги нархларга нисбатан чегирма қилиб беришга рози бўлган.
Ўтган ойда савдо вазири РФга ташриф буюрган ва россияликлар билан савдони тиклаш бўйича музокаралар ўтказганди.







