Қашқадарёда 38 ёшли аёлни поезд уриб юборди
Ҳолатга Транспорт прокуратураси изоҳ берди.

Қашқадарё вилоятида 27 сентябрь куни 38 ёшли аёл поезд уриб юбориши оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан Транспорт прокуратураси расмий баёнот эълон қилди.
Қайд этилишича, соат 04:40 ларда “Косон Суғдиёна” темирйўл бекати оралиғининг 4097-километри 9-тўсиғида 3662-сонли “Бухоро-Қарши” йўналишидаги юк поезди Косон туманида яшаган (1984 йилда туғилган) фуқаро A.И.ни уриб юборган. Аёл олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда юқорида ҳолат юзасидан Қарши транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Косон тумани ҳудудида юк поезди 19 ёшли қизни уриб юборганди. Ҳодиса оқибатида у воқеа жойида вафот этган.







