Блинкен Москва билан Украина масаласида музокаралар шартини айтди
АҚШ давлат котиби Киевга қарши ҳарбий босим кучайганини қайд этди.

Агар Москвада мулоқотга мойиллик бўлса, АҚШ Россия билан Украина масаласида музокараларга тайёр бўлади. Бу ҳақда Қўшма Штатлар давлат котиби Энтони Блинкен Лимадаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Журналистлардан бири ядро уруши хавфи ошганини, бундай шароитда Вашингтон Москва билан мулоқот қилиши мажбурият эканлиги тўғрисида савол берган.
"Фикримча, сиз охирги ҳафталарда президент Путин Украинага қарши агрессияни икки, уч баробар кучайтирганини кўрдингиз. Гап шундаки, Путин ва Россия дипломатияга ҳеч қандай қизиқиш билдирмади. Улар буни амалга оширмагунча, мулоқот ўтказиш қийин. Биз доимо президент Зеленский ушбу можаро дипломатик йўл билан ҳал этилишини айтиб келганини гапирдик. Агар Россияда ҳам жиддий дипломатик кайфият бўлса, биз ҳам бунга тайёр бўламиз. Афсуски, ҳозирда барчаси аксинча", — деган давлат котиби.
Сешанба куни Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиб бўлмаслиги ҳақидаги Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарорини кучга киритди.
Аввалроқ Путин Донбасс ҳудудлари Украинага қайтарилмаслигини айтганди.







