Орол денгизи атрофида йирик газ конлари очилиши мумкин
Ҳудудда ўтказилган геологик разведка натижалари шуни кўрсатмоқда.

"Росгеология" геологоразведка холдинги Орол денгизи акваторияси атрофида ўрганиш ишларини ўтказди. Экспертлар бу ҳудудлардан йирик газ конлари аниқланиши мумкинлигини айтган.
Бу ҳақда Ўзбекистон ва РФ иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров маълум қилди.
“Геология ва ер ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратиш керак. "Росгео" компанияси Орол акваторияси ва унинг атрофида йирик қидирув ишларини ўтказди. Олинган натижалар шуни кўрсатадики, минтақада йирик газ конлари очилиши мумкин”, – деган у.
Аввалроқ Ўзбекистонда газ қудуқларидан истеъмолчигача бўлган тизим тўлиқ рақамлаштирилиши тўғрисида хабар берилганди.







