Тошкентда “ҳунар кўрсатган” ҳайдовчи жаримага тортилди
Бугун унинг иши судда кўриб чиқилди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида ЙПХ инспекторларининг қонуний талабини бажармаган Нексия–2 ҳайдовчисининг автомашина ойналари синдирилгани ҳақида хабар қилгандик. Шаҳар судлари мазкур ҳолатдаги ҳуқубузарга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан расмий ахборот берди.
Қайд этилишича, бугун, 3 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми ҳамда 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилган А.Х.га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.
Иш ҳужжатларига кўра, ҳуқуқбузар 2022 йил 1 ноябрь куни соат 17:00 ларда ўз бошқарувида бўлган Нексия–2 русумли автомашинасини Юнусобод тумани Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб кетаётган вақтида ИИО ходимлари томонидан жезл ёрдамида тўхтатилган.
Ҳайдовчи эса тўхташ ишорасига амал қилмай, ҳаракатни давом эттирган ва воқеа жойидан кетиб қолган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчи тўхтатилиб, ҳужжатларини текшириш жараёнида унда автомашина бошқариш учун ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Суднинг қарорига кўра, А.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан узил-кесил, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
“Ушбу қарор устидан апелляция шикояти (протести) қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда берилиши мумкин”, — дейилади хабарда.








