Европа Беларуснинг Украина низосидаги иштирокини текширмоқчи
Ушбу масала Брюсселнинг хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Евроиттифоқ беларуслик мухолифатчи Светлана Тихановская билан Минскнинг Россия-Украина можаросидаги иштироки даражасини ўрганади. Бу хақда ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель маълум қилди.
“Тихановская хоним кенгаш йиғилишига (бугун ЕИ ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари йиғилиши ўтказилади — таҳририят) Беларусь мухолифати етакчиси сифатида таклиф қилинган. у биз билан Беларусдаги вазият юзасидан фикр алмашади. Минскнинг Украинадаги иштироки даражасини билиш муҳим, бу бизни хавотирга солмоқда. Улар Россия талаб қилган ҳар қандай ёрдамни кўрсатяпти, аммо ҳозирча беларуслик ҳарбийларнинг низода тўғридан тўғри иштирок этаётгани ҳақида ҳеч қандай далиллар йўқ”, – деган у.
Украина ва қатор Ғарб давлатлари Минск Россияни Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда фаол қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлайди. Бундан аввал Беларусь Президенти Александр Лукашенко ҳам Москвага айрим турдаги ҳарбий ёрдам кўрсатаётганини, аммо беларуслик ҳарбийлар жанговар ҳаракатларда иштирок этмаётганини айтганди.







