Давлат байроғини қаерларда илиб бўлмайди?
Бу бўйича Қонунда чекловлар борми?

Бугун, 18 ноябрь — Ўзбекистон Республиканинг Давлат байроғи қабул қилинган кун. Бундан роппа-роса 31 йил олдин у мамлакат рамзи сифатида тасдиқланган. Деярли ҳар куни телевизор орқали давлат мадҳияси янграганда ёки иш ва ўқиш жараёнларида давлат байроғига кўзимиз тушади, лекин ҳамма жойда ҳам эмас.
Zamon.uz байроқнинг қаерларга ўрнатилиши мумкину, қаерларга ўрнатилиши мумкин эмаслиги бўйича кичик изланиш олиб борди. 1991 йили қабул қилинган “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, у қуйидаги объектларда ўрнатилиши мумкин:
Улар:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари;
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари;
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
— Республика давлат бошқаруви органлари;
— Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
— Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати;
— Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;
— Ўзбекистон Республикаси Марказий банки;
— Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;
—Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;
— Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши;
— маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
—судлар;
— прокуратура органларининг бинолари;
— вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари;
— Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқларининг хизмат хоналарида;
— Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган байрам кунларида — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган марказий кўчаларда, майдонларда, бошқа жамоат жойларида ва обектларда;
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари сайлови ёки референдум кунларида — овоз бериш ўтказилаётган бинолар ва хоналарда;
— Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларида ёки ҳудудларида ва транспорт воситаларида;
— хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг, бошқа расмий делегасияларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларига, дипломатик протокол қоидаларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида бўлишининг тасдиқланган дастурига мувофиқ транспорт воситаларида, вокзалларда, аеропортларда, юриш йўналиши бўйича ва бошқа ташриф обектларида;
—расмий шахслар сифатида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ўзбекистон Республикасининг бошқа расмий делегасиялари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари бошлиқлари тушган чет элдаги денгиз ва дарё кемаларида, бошқа транспорт воситаларида;
— Ўзбекистон Республикаси кемалар қатнови инспекциясининг кемалар реестрида рўйхатга олинган денгиз ва дарё кемаларида;
—Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий бирлашмаларида, қўшилмаларида ва қисмларида, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларида;
— доимий равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктларида;
— спорт майдонларида.
Қонунда, шунингдек, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан қайси ўринларда фойдаланиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги аниқ-тиниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Лекин айнан уни қайси ташкилот биноларида ўрнатиш мумкин эмаслиги келтирилмаган.
Бугун ЎзЛиДеП Фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини муҳокама қилиб, депутатлар орасидан ишчи гуруҳ тузилаётгани маълум қилинди.
Қонун лойиҳасида Давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни олиб ташлаш, фуқароларнинг эркин фойдаланиши, эгалик қилиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Оддий айтганда бу ўзгаришлардан кейин фуқаролар ҳам байроғимизга ҳурмат сақлаган ҳолда ўз хонадонларига ҳам илиш, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкин бўлади.
Бу орқали байроқ бўйича мавжуд чекловлар учун белгиланган жазо масаласини ҳам қайта кўриб чиқишга тўғри келади.








