Маск ўзи ҳақида ёзадиган журналистларнинг Twitter’ини блоклаб қўйди
Кеча миллиардер ўз самолётини кузатиш билан шуғулланадиган саҳифа фаолиятига тақиқ қўйганди.

Twitter Американинг айрим етакчи ОАВлари журналистлари аккаунтини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда журналистларидан бири “қора рўйхат”га тушган The New York Times газетаси хабар берди.
Ушбу нашрдан ташқари , CNN телекомпанияси, The Washigton Post газетаси, The Intercept ва Mashable порталлари вакиллари саҳифалари ҳам блокланган. Ушбу журналистлар аккаунтига киришда “Twitter қоидаларини бузган ушбу саҳифалар фаолияти тўхтатилган” деган ёзув чиққан.
CNN’нинг қайд этишича, тақиққа учраган журналистлар Twitter ва Илон Маск атрофидаги вазиятни ёритиб борган.
Маскнинг ўзи ушбу аккаунтларда унинг реал вақтда қаердалигини тўғрисида маълумотлар бериб борилганини, бу “қотиллар учун очиқ-ойдин координаталар” жўнатиш эканлигини таъкидлаган.
Бундан олдин миллиардер ўз самолётини кузатиб борадиган фойдаланувчини блоклаб қўйганди.







