Кўп импорт бўлаётган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари энди ўзимизда ишлаб чиқарилади
Бу бўйича 1,8 триллион сўмлик 2 мингта лойиҳа ишга туширилиши ҳақида йиғилиш якунида айтиб ўтилди.

Дала ва коллектор-дренаж атрофларидаги ерлардан унумли фойдаланиш вазифаси қўйилди.
Биргина Сирдарёда қарийб 4 минг гектар бундай ерлар мавжудлиги аниқланган. Бошқа ҳудудларда ҳам дала четларида ва коллектор-дренаж атрофларидаги қўшимча 50 минг гектар майдондан самарали фойдаланиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Туман ҳокимларига дала ва коллектор-дренаж атрофидаги ерларни фермер хўжаликлари ўз ишчилари ва эҳтиёжманд аҳолига ўн йилга иккиламчи ижарага беришни ташкил қилиш топширилди.
Бунда, фермерларга ўрдак, товуқ ва курка боқишга “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 3 йилга 14 фоизли кредит берилади.
Дала четларига узум кўчатлари ва кади уруғларини, тут кўчатларини экиш, парранда ва асалари уяларини етказиб бериш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга:
- аҳолига бўлиб берилган 200 минг гектар, дала четларидаги 50 минг гектар ҳисобидан 5 миллион тонна қўшимча маҳсулот етиштиришни таъминлаш;
- иқтисодий инструментларни кўпайтириб, ҳоким ёрдамчилари тизими орқали ушбу ерларда кооперацияни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш;
- деҳқон ва фермерларга қулай бўлган 250 миллион долларлик кредит, лизинг ва суғуртанинг янги турларини йўлга қўйиш;
- кўп импорт бўлаётган 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича 1,8 триллион сўмлик 2 мингта лойиҳани ишга тушириш;
- бозорлардаги нарх-наво ўзгариши ва маҳсулот камайишини олдиндан ҳисоб-китоб қилиш, озиқ-овқат инфляциясини 10 фоиз чегарада қатъий ушлаб туриш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.







