Ўзбекистон

“Чой тарқатасан дейишганди” — уруш тузоғига илинган йигит

Яна бир ўзбекистонлик наркотик ортидан қамалиб, Россия армиясига ёлланди. Суд ҳужжатига кўра, йигит Москвада андижонлик аёл билан танишиб, ундан иш сўраган. Аёл ҳамюртига чой тарқатишини, бу учун миллий валютада ўртача 6 млн сўм берилишини айтган. Таклифга рози бўлган йигит “почта”ни олиб, таксига ўтирган. Ушбу жараённи аёлнинг шериги расмга туширган. Йигит бундан хабар топиб, машина ойналарини синдириб тушиб кетган. Бироқ, уни 3 киши ушлаб, полицияга олиб борган.

“Чой тарқатасан дейишганди” — уруш тузоғига илинган йигит

Самарқандда Россия армиясига ёлланган йигит жиноий жазога тортилди. Zamon.uz суд ҳужжати билан танишди.

 

Суд ҳукмида келтирилишича, Паяриқ туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган А.А. 2019 йил ноябрь ойида Москва шаҳрига келган. У 2021 йилгача амакиси билан бирга ванна ишлаб чиқарувчи заводда ишлаган. Шу орада улар ўртасида низо чиққан ва йигит Сочи шаҳрига кетган. У ердан иш тополмагач, Москвага қайтган ҳамда ёши 40 ёшлар атрофида бўлган аёл билан танишган.

 

“Андижонлик ‘Маша’ исмли енгилтабият аёл билан танишиб қолдим. У менга чой тарқатиш кераклигини, бунинг эвазига 30–40 минг рубль миқдорида пул берилишини, иш эса хавфсиз эканини айтди. Шундан сўнг рози бўлдим. У мени Коломна шаҳрига жўнатди. У ерда мени 30 ёшлар атрофидаги андижонлик Ҳусниддин исмли шахс кутиб олди. У менга пакет бериб, бошқа шаҳарга олиб боришим кераклигини айтди ва ўзи такси чақириб берди. Машинага ўтирдим. У такси турган жойни расмга олди. Шундан сўнг мен машина ойналарини синдириб тушиб кетдим. Йўлда мени уч киши ушлаб олди. Нима бўлаётганини тушунмадим. Улар мени полицияга олиб бориб, пакетни текширишди. Ичидан сариқ рангли моддани чиқариб, мени вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштиришди”, — дейди йигит суддаги кўрсатмасида.

 

2022 йил январь ойида А.А.га Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 4-қисми (гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси) билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шундан сўнг у Свердловск вилояти, Нижний Тагил шаҳридаги 5-сонли жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилган.

 

“У ерда ўзбекистонликлар кўп эди. Мен Самарқанд шаҳрининг "Кафтархона" маҳалласида яшовчи Ўлмас исмли шахс билан танишдим. Қамоқхонадаги мебел ишлаб чиқариш цехида у билан бирга ишладим. Тартиб-қоидаларни бузганим учун бир неча маротаба изоляторга жойлаштиришди. Ҳафтада бир марта оила аъзоларим билан гаплашиб турардим. У ерда 10 пачка сигарета эвазига бўйин ва қўлларимга татуировка чиздирдим. Жазо ўташ давомида ЖИЕМ тезкор бўлими бошлиғи Алексей мен билан бир неча марта учрашиб, ҳарбий хизматга бир йиллик шартнома тузишни таклиф қилди. Ҳар сафар рад жавобини бердим”, — дейди у.

 

А.А. шартнома муддати тугагандан кейин ҳам ҳарбий хизматдан чиқишга рухсат берилмаслигини эшитиб, таклифларга рози бўлмаган. Шунингдек, Алексей шартномага имзо қўймаса, яна 10 йилга қамалишини ва изоляторда сақланишини айтган. 2025 йил 26 сентябрь куни ходимлар А.А. сақланаётган изоляторга келиб, уни урушга юборилишини маълум қилишган.

 

“Менга билдирмасдан, изоляторда бўлганим ҳақидаги ҳужжатлар орасида ҳарбий хизмат ўташ бўйича шартномага имзо қўйдириб олишган, деб ўйлайман. Шу куни мени ва яна 57 нафар шахсни самолётда Донецк шаҳрига жўнатишди. У ерда 57-сонли ҳарбий қисмга жойлаштиришди, кейин гуруҳларга ажратишди. Бизнинг гуруҳга ‘Чужой’ лақабли, миллати татар бўлган шахс раҳбарлик қилди. Менга "Самурай" позивнойи берилди ва АК-74 автомати бириктирилди”, — дейди йигит.

 

Дастлаб А.А. номига расмийлаштирилган пластик картага 2 миллион рубль (319 миллион сўм) пул ўтказилган. Гуруҳ аъзолари мотоцикл, дрон ва кийим-кечак билан таъминланган. Паяриқлик йигит асосан мотоциклда фронт яқинига сув ва озиқ-овқат ташиш билан шуғулланган.

 

“Озиқ-овқатни ҳарбий қисмдан олиб, фронт чизиғидан 5–6 километр узоқликка етказиб қўяр эдим. Бир куни фронтдан қайтишимда йўлни билмай адашиб қолдим. Рация орқали хабар бердим, хизматчи юборишди ва қисмга қайтдик. Ўз хоҳишим билан қайтганим учун командирлар ишонч билдиришди. Кейин Донецк шаҳридаги ҳарбий базадан сув ва озиқ-овқат олиб келиш вазифасини юклашди. 2025 йил 24 октябрь куни тожикистонлик Рамазон билан ‘гараж’ томон йўл олдик. Ёмғир ёғаётгани сабаб ҳаракат қийин бўлди. Йўлда мотоциклим минага урилиб портлади. Оёғимга темир парчаси кирди, аммо бошқа жароҳат олмадим. Кейин пичоқ билан мина парчасини чиқариб ташладим”, — дейди у.

 

Шундан сўнг А.А. шеригининг мотоциклига миниб, “гараж”га кирмасдан Донецк шаҳри томон йўл олган. Транспорт воситасини шаҳарга етмасдан устахонада қолдиришган. Улар Донецкда квартирага жойлашиб, Москвага олиб борадиган одам қидиришган. Иккаласи ушбу шаҳарда яшовчи, миллати украин бўлган эркак билан 3 миллион 400 минг рубль (544 миллион сўм) эвазига келишиб, Россия пойтахтига етиб олишган. Шундан кейин А.А. Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилиб, бўлган воқеаларни баён этган ва ёрдам сўраган. Натижада у 2025 йил 9 ноябрь куни Ватанга қайтган.

 

ЖИБ Паяриқ туман судининг 2026 йил 19 январь куни чиқарган ҳукми билан А.А.га 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унинг иш жойига бориши ва уйига қайтиши учун зарур вақтдан ташқари ҳолларда яшаш жойидан чиқиши тақиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, яқинда урушга ёлланган наманганлик йигит ҳақида ҳам хабар берган эдик.

custom img

Хивада 12,3 гектарлик халқаро туристик шаҳарча барпо этилади

Мажмуада меҳмонхоналар, музей, ресторанлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади.

custom img

Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларни алмашиш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди

Ҳудудларни алмашиш бўйича келишувларни амалга ошириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузди. Гуруҳ аҳоли фуқаролиги, кўчириш, мулкий ҳуқуқлар, ердан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимоя масалаларини ҳал қилади.

custom img

Хоразм вилоятида 176 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилди

Янги лойиҳаларни ишга тушириш маросими Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтди.

custom img

Хивада Ляонин педагогика университети филиали очилди

Мажмуани қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилган.

custom img

Ўзбекистон ва Туркия журналистлари медиа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Томонлар журналистлар малакасини ошириш, рақамли медиа, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

custom img

“Одил судлов – 2030”: суд тизимида янги ислоҳотлар босқичи

2027–2030 йилларда барча туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилади.

custom img

Урганч аэропортидан Хивага қатнов вақти 40 дақиқагача қисқаради

Давлат раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига келди.

custom img

Ёшлар замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

Президент Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ва Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"