Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди

Йиғилишда савдо, транспорт, энергетика, сув ресурслари ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди

26 март куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президентининг ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги  асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам эканини алоҳида таъкидлади.

 

“Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади” – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Ҳукуматлар, парламентлар ва идоралар даражасидаги фаол ва яқин алоқалар мамнуният билан қайд этилди.

 

Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, саноат кўргазмаси ва ҳудудлар, ректорлар, олимлар, ёшлар ва таҳлил марказларининг форумлари муваффақиятли ташкил қилинди. Айни пайтда мамлакатимизда Тожикистон маданияти ва киноси кунлари ўтказилмоқда.

 

Йиғилишда томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш йўлларини таҳлил қилдилар ҳамда ўзаро манфаатли Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини мустаҳкамлашга катта суръат бағишлайдиган бир қатор муҳим қарорларни қабул қилди.

 

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми, энг аввало, тайёр маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳисобига қарийб 1 миллиард долларга етди. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва бошқа кўплаб соҳаларда қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

 

Бугунги кунда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиарейслар, автобус ва поезд қатновлари йўлга қўйилган. Юк ташиш ҳажми жадал ўсиб бормоқда. 2030 йилга келиб, ўзаро савдони 2 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди.

 

“Ойбек – Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини барпо этишни тезлаштириш, маҳсулотларни сертификатлаш ва “E-Permit” рухсатномаларни алмашиш рақамли тизимларини йўлга қўйиш, чегара назорат пунктларини модернизация қилиш бўйича эришилган келишувлар бу маррага етишга хизмат қилади.

 

Бундан ташқари, тоғ-конь, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат, қурилиш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида Саноат кооперацияси дастури қабул қилинмоқда.

 

Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция компаниясининг капиталини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, бугун икки мамлакат ҳудудида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилади.

 

Энергетика, сув ресурсларини бошқариш, транспорт ва бошқа кўплаб соҳалардаги шериклик атрофлича кўриб чиқилиб, ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

 

Етакчилар ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш, гуманитар, таълим ва илмий алмашинувларни рағбатлантиришга келишиб олдилар.

 

Йирик диаспоралар мавжудлигини ҳисобга олиб, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича беш йиллик чора-тадбирлар режасини қабул қилиш таклиф қилинди.

 

Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

 

Марказий Осиёда кўп томонлама тузилмалар ва минтақавий форматлар доирасида яқин мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Йиғилишда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари – икки мамлакат Бош вазирларининг ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

 

Якунда эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши белгиланди.

custom img

Тожикистон Президенти Кўксаройда тантанали кутиб олинди

Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг музокаралари бошланди.

custom img

“Ғолибларга Damas ва пул мукофотлари берилади”

Ўзбекистон бўйлаб 7-11-синф ўқувчи-қизлари ўртасида футбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақаси ўтказилмоқда.

custom img

Ўзбекистонда 11 та банк жаримага тортилди

Шунингдек, 14 та банк ва 4 та тўлов ташкилоти санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

custom img

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонни кутиб олди

Тожикистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

custom img

Ўзбекистон фуқаролари Италияга мавсумий ишга жалб қилинади

Пилот лойиҳа доирасида 100 нафар ўзбекистонлик иш билан таъминлади.

custom img

Қорақалпоғистонда алимент тўлашдан қочиб юрган эркак автобусдан топилди

Ҳозирда қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги 28 млн сўмни ташкил этиб, унинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда.

custom img

Ўзбекистонда гўшт нархи бир ой ичида сезиларли даражада қимматлашди

Гўштнинг улгуржи нархи 8 фоизгача кўтарилди.

custom img

Ўзбекистонда банклардан 500 долларгача валютани паспортсиз сотиб олишга рухсат берилиши мумкин

Марказий Банк лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"