Германиялик ҳайдовчилар арзон ёнилғи учун Полшага бормоқда
Мазкур вазият “бензин туризми” сифатида баҳоланмоқда.

Германияда ёнилғи нархларининг рекорд даражада ошиши фонида немис ҳайдовчилари автомобилларини арзонроқ нархда тўлдириш мақсадида қўшни Полшага йўл олмоқда. Бу ҳақда Point нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 апрель куни эрталаб Германия билан чегарадош Свиноуйце шаҳрида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчаларида катта навбатлар юзага келган. Навбатда турган автомобилларнинг аксариятини Германия давлат рақамига эга машиналар ташкил этган.
Айниқса, бир-бирига яқин жойлашган учта шохобча атрофида тирбандлик кучайган. Вазиятни назоратга олиш мақсадида шаҳар маъмурияти вақтинча ҳаракатни тартибга солиш чораларини жорий этган.
Расмийлар бу ҳолатни Полшадаги ёнилғи нархларининг Германияга нисбатан арзонлиги билан изоҳламоқда. Шаҳар маъмурияти вакиллари юзага келган вазиятни “бензин туризми” сифатида баҳоламоқда.
Мутасаддилар талабнинг янада ортиши эҳтимолини ҳисобга олиб, ёнилғи таъминотида узилишлар юзага келишининг олдини олиш чораларини ҳам кўрмоқда.
Хусусан, Пасха байрами кунлари давомида қўшимча ёнилғини танкерлар орқали етказиб бериш учун Денгиз бошқармасидан махсус рухсат сўралган. Ҳудуднинг географик хусусиятлари сабабли ёнилғи етказиб бериш асосан денгиз орқали амалга оширилади, бироқ одатдаги қоидаларга кўра байрам кунлари бундай ташувларга рухсат берилмайди.
Маълумотларга кўра, Полшада ҳукумат томонидан жорий этилган махсус чоралар доирасида ёнилғи учун максимал нарх ҳар куни белгиланади. 3 апрель ҳолатига кўра, А-95 бензини нархи 6,19 злотий (тахминан 1,45 евро), дизель ёқилғиси эса 7,64 злотий (1,8 евро)ни ташкил этган.
Бу кўрсаткичлар Германиядагига нисбатан анча паст бўлиб, айнан шу тафовут ҳайдовчилар оқимини кучайтираётган асосий омил сифатида қайд этилмоқда.
Аввалроқ айрим Европа давлатлари ваҳима ва “ёнилғи туризми”ни олдини олиш мақсадида қатъий кунлик нормаларни белгилаётгани ҳақда хабар бергандик.








