Биз ғалаба қозондик — Эрон
Трамп ҳам Эрон билан келишувни АҚШнинг мутлақ ғалабаси деб атади.

АҚШ ва Эрон урушни 2 ҳафтага тўхтатиш бўйича сулҳга эришди. Келишувдан сўнг ҳар икки томон ҳам ўзларининг ғалабага эришганини маълум қилди.
АҚШ Президенти AFP агентлигига берган телефон орқали интервьюсида икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозининг шу муддатга очилишини Вашингтон учун "тўлиқ ва мутлақ ғалаба" деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу "шубҳасиз 100 фоизлик ғалабадир".
Шу ўринда Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши расмий баёнот бериб, мамлакат аҳолисини эришилган ғалаба билан табриклади. Баёнотда таъкидланишича, ғалаба тўлиқ тасдиқ топмагунича, масъуллар томонидан оқилона сиёсат юритилиши, шунингдек, жамиятда бирлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Эроннинг табиий бойликлари ҳақидаги саволга Трамп: "Бу энг маъқул шаклда ҳал қилинади, акс ҳолда мен келишувга рози бўлмаган бўлардим", — деб жавоб берди.
Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгашига кўра, АҚШ бир қатор масалалар бўйича мажбуриятларни қабул қилган. Улар қаторига тажовуз қилмаслик, Эроннинг Ҳормуз бўғози устидан назоратини сақлаб қолиш, уранни бойитишни тан олиш, барча турдаги санкцияларни бекор қилиш, халқаро резолюцияларни тугатиш, етказилган зарарларни қоплаш, АҚШ ҳарбий кучларини минтақадан олиб чиқиш ҳамда турли фронтларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш киради.
Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, Теҳроннинг 10 бандлик таклифи Ислом Республикасига уранни бойитиш ҳуқуқи берилишини назарда тутади.
Трамп Хитой Эронга келишув тузиш учун босим ўтказганини айтди. Хитой Эрон нефтининг асосий харидори ҳисобланади. АFP'нинг эслатишича, Трамп май ойида Пекинга ташриф буюришни режалаштирган.
Доналд Трамп Эрон билан музокаралар 15 банд бўйича олиб борилаётганини ва уларнинг аксарияти аллақачон келишиб олинганини қўшимча қилди.
"Кўрамиз, энди нима бўлади. Келишувга эриша оламизми ёки йўқми, вақт кўрсатади", — дея хулоса қилди Трамп.








