Путин Хитойга расмий ташриф билан борди
Ташриф давомида бир қатор соҳаларда ҳамкорликни қамраб оладиган қарийб 40 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Владимир Путин Хитой Халқ Республикаси раисининг таклифига биноан Пекинга расмий ташрифини бошлади. Ташриф Россия–Хитой ўртасидаги дўстона қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг 25 йиллиги нишонланаётган даврга тўғри келмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Маълум қилинишича, Путинни аэропортда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И кутиб олди. У Хитой сиёсий тизимида раис Си Цзиньпиндан кейин энг таниқли сиёсатчилардан бири сифатида тилга олинади.
Расмий маълумотларга кўра, ташрифнинг асосий иш дастури чоршанба, 20 май кунига белгиланган. Дастур Россия делегациясини Пекиндаги марказий майдонда тантанали кутиб олиш маросими билан бошланади.
Шундан сўнг Халқ мажлислари уйида Владимир Путин ва Си Цзиньпин ўртасида олий даражадаги музокаралар ўтказилади.
Томонлар кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доир қўшма баёнотни имзолаши кутилмоқда. Шунингдек, саноат, савдо, транспорт, қурилиш, атом энергетикаси, таълим, кино соҳаси ҳамда ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорликни қамраб олган қарийб 40 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.
Учрашув якунида етакчилар ОАВ учун баёнот бериши кутилмоқда. Шу куни кечқурун Путин ва Си Цзиньпин таълим соҳасидаги Россия–Хитой ҳамкорлиги йилларининг очилиш маросимида иштирок этади.
Шунингдек, Путин Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Сян билан савдо-иқтисодий масалаларни муҳокама қилади.
Ташриф дастури Си Цзиньпин номидан бериладиган расмий зиёфат ва етакчилар ўртасидаги норасмий чой усти суҳбат билан якунланади. Кремль маълумотига кўра, ушбу норасмий учрашувда икки давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, 13-15 май кунлари АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳам Пекинга расмий ташрифини амалга оширган эди.








