Путиннинг Хитойга расмий ташрифи якунланди: 40 та ҳужжат имзоланди
Россия ва Хитой етакчилари “энг нозик масалаларни” чой устида муҳокама қилган.

Владимир Путин ва Си Цзиньпин 20 май куни Пекинда музокаралар ўтказди. Учрашув якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка оид қарийб 40 та ҳужжат имзоланди, дея хабар бермоқда РБК.
Россия президенти Хитойга 19 май оқшомида етиб келган. Ташриф Россия ва Хитой ўртасидаги Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Россия делегацияси таркибига беш нафар бош вазир ўринбосари, саккиз нафар вазир, жумладан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, шунингдек Марказий банк, ВЕБ, “Росатом”, “Роскосмос” ва “Роснефт” раҳбарлари кирди.
Музокаралар Пекиндаги Тянанмен майдонида жойлашган Халқ йиғинлари уйида аввал тор доирада, кейин эса кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтди. Путин учрашувни “мазмунли” деб атаб, мулоқот ишончли руҳда кечганини таъкидлади. Музокаралар якунида томонлар стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма баёнот ҳамда кўп қутбли дунё ва янги турдаги халқаро муносабатларга оид декларацияни қабул қилди.
Путин музокараларда Россия ва Хитой ўртасидаги алоқалар “мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга чиққани”ни билдириб, уларни “ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик намунаси” деб атади. Унинг айтишича, XXI аср бошидан буён икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 30 баробардан ортиқ ошган.
Россия президенти деярли барча савдо операциялари рубль ва юань орқали амалга оширилаётганини қайд этди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорликни иқтисодий алоқаларнинг “локомотиви” деб атаган Путин Россия Хитой бозорига барча турдаги ёқилғиларни узлуксиз етказиб беришни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, томонлар стратегик аҳамиятга эга элементлар ва металлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш устида ишлаётгани айтилди.
Путин Россия ва Хитой фуқаролари учун визасиз режим амалиёти давом эттирилишини ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу тизим гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қўшимча туртки берган.
Си Цзиньпин эса Россия ва Хитой муносабатлари “янада самарали ва жадаллашган ривожланишнинг янги босқичига кирганини” таъкидлади. Унинг айтишича, сиёсий ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорликнинг мунтазам чуқурлашуви икки давлат алоқаларининг бугунги даражага чиқишига сабаб бўлган.
Хитой раҳбари халқаро майдонда “бир томонламалик ва гегемонизм авж олаётгани”ни билдириб, Россия ва Хитой халқлари тинчлик ҳамда тараққиёт йўлидан боришга интилаётганини қайд этди.
Си Цзиньпин Яқин Шарқдаги вазиятга ҳам тўхталиб, минтақада ҳарбий можаронинг қайта бошланишини номақбул деб атади.
“Жанговар ҳаракатларни имкон қадар тезроқ тўлиқ тўхтатиш зарур. Урушнинг қайта бошланишига йўл қўйиб бўлмайди. Айниқса, музокараларга амал қилиш муҳим”, деди у.
Томонлар қабул қилган қўшма баёнотда Россия ва Хитой Украинадаги можаронинг илдиз сабабларини БМТ низоми тамойилларига тўлиқ амал қилиш асосида бартараф этиш зарурлигига ишонч билдиргани қайд этилган. Ҳужжатда узоқ муддатли ва барқарор тинчликка хизмат қиладиган барча саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланиши, муаммони диалог ва музокаралар орқали ҳал қилиш тарафдорлиги таъкидланган.
Россия баёнотида Хитойнинг Украина бўйича “холис позицияси”ни ижобий баҳолагани ҳам қайд этилди.
Шунингдек, икки давлат АҚШнинг “Олтин гумбаз” лойиҳаси стратегик барқарорликка таҳдид солишини билдирган. Баёнотда мазкур ташаббус стратегик ҳужум ва мудофаа тизимлари ўртасидаги боғлиқлик тамойилини инкор этиши, бу эса космосда можаролар хавфини ошириши мумкинлиги таъкидланган.
Путин ва Си имзолаган кўп қутбли дунё ҳақидаги декларацияда “биринчи тоифали” давлатлар ёки халқлар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Ҳужжатда ҳар бир суверен давлатнинг ўз тараққиёт йўли ва моделини танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш зарурлиги, гегемонизм ва мажбурлаш сиёсати қабул қилиб бўлмаслиги таъкидланган.
Музокаралар якунида ХХР ТИВ вакили Гуо Жиакун Хитой Россия фуқаролари учун визасиз режимни 2027 йил охиригача узайтирганини маълум қилди. Оддий хорижга чиқиш паспортига эга россияликлар Хитойга 30 кунгача визасиз кириши мумкин бўлади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрй Песков ҳам Россия томонидан визасиз режим узайтирилишини билдириб, бу амалиёт ўзини “жуда ижобий” томондан кўрсатганини айтди.
Расмий учрашувлардан сўнг Путин ва Си анъанавий чой суҳбатини ҳам ўтказди. У ерда Украина масаласи ҳамда АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро муҳокама қилинган. Песковнинг айтишича, бундай чой учрашувлари Россия ва Хитой етакчилари мулоқотининг доимий қисми бўлиб, айнан шу форматда “энг нозик масалалар” кўриб чиқилади.








