Жанубий Корея собиқ президентининг рафиқаси 7 йилга қамалди
Ким Гон Хи қимматбаҳо совғалар ва заргарлик буюмларини ноқонуний қабул қилганликда айбдор деб топилган.

Жанубий Кореянинг собиқ президенти Юн Сок Ёлнинг рафиқаси Ким Гон Хи коррупция билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Синхуа ахборот агентлиги хабар берди.
Сеул марказий округ суди томонидан эълон қилинган ҳукмга кўра, собиқ биринчи хоним давлат лавозимларига тайинлаш эвазига пора олиш, шунингдек, қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва ҳашаматли совғаларни ноқонуний қабул қилишда айбдор деб топилган.
Суд қарорида Ким Гон Хи оддий фуқаролар учун деярли қўл етмайдиган ҳашаматли буюмларни қабул қилишдан тийилмагани қайд этилган.
Мазкур иш бўйича терговни олиб борган махсус прокурор Мин Жун Ги бошчилигидаги гуруҳ суддан собиқ биринчи хонимга 7,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея махсус прокуратураси собиқ президент Юн Сок Ёлга нисбатан қўзғолон айблови бўйича кўрилаётган апелляция ишида ўлим жазосини талаб қилгани хабар қилинган эди.








