Хитойдаги пойабзал фабрикасида юз берган ёнғинда 28 киши ҳалок бўлди
Компания эгаси ва яна бир неча мансабдор шахс бепарволикда гумонланиб ҳибсга олинган.

Хитойнинг Фужян провинциясидаги Жинжианг округида жойлашган Huiteng Shoes пойабзал фабрикасида юз берган йирик ёнғин оқибатида 28 киши ҳалок бўлди.
Синхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, ёнғин содир бўлган вақтда корхонада 237 нафар ишчи ҳамда 2 нафар етказиб берувчи ходим бўлган.
Ёнғин ва қутқарув бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса юз бергач, 213 нафар фуқаро эвакуация қилинган. Улардан икки нафари шифохонада вафот этган. Аввал бедарак йўқолган деб ҳисобланган яна 26 кишининг ҳалок бўлгани кейинчалик тасдиқланган. Шу тариқа қурбонлар сони 28 нафарга етган.
Ёнғинни бартараф этиш ишларига 500 нафардан ортиқ ўт ўчирувчи жалб этилган. Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, ёнғин сабабларини аниқлаш ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида Фужян провинцияси маъмурияти томонидан махсус тергов гуруҳи тузилган.
Дастлабки тергов натижаларига кўра, компания эгаси ва яна бир неча мансабдор шахс бепарволикда гумонланиб ҳибсга олинган. Шунингдек, корхонанинг банк ҳисобварақлари музлатилган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг жанубий ҳудудларида «Майсак» тропик бўрони оқибатида юзага келган кучли сув тошқинлари натижасида 39 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.








