Қорақалпоғистон ва Хоразмдан сўнг Навоийда ҳам боғчалар ёпилмоқда
Ҳаво ҳарорати 44–45 даражагача кўтарилиши кутилаётгани сабаб давлат боғчалари 14–17 июль кунлари фаолиятини тўхтатади.

Навоий вилоятининг айрим ҳудудларида давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, ҳаво ҳароратининг 44–45 даражагача кўтарилиши кутилаётгани муносабати билан 14–17 июль кунлари Учқудуқ ва Нурота туманларидаги, шунингдек Томди ҳамда Конимех туманларининг айрим давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилади.
Қайд этилишича, мазкур қарор мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинган.
Давлат боғчалари фаолияти 20 июлдан одатий тартибда тикланади.
Шунингдек, вилоятнинг қолган ҳудудларидаги давлат боғчаларида санитария-гигиена талаблари ва зарур шарт-шароитлар юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда. Текширув якунларига кўра қўшимча маълумот берилиши билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жазирама иссиқ сабаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилгани маълум қилинган.








