АҚШ БМТ олдидаги қарзини 725 миллион долларга камайтирмоқчи
Мамлакатнинг ташкилотга қарзи 4 миллиард доллардан ортиқ экани айтилмоқда.

АҚШ маъмурияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотига 725 миллион доллар тўлаш жараёнини бошлаган. Бу ҳақда Reuters АҚШ Давлат департаменти маълумотларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур тўлов АҚШнинг БМТ олдидаги қарздорлигини камайтиришга қаратилган. Вашингтоннинг БМТга қарзи 4 миллиард доллардан ортиқ экани айтилмоқда. Бироқ АҚШ томони ўз ҳисоб-китобларида қарздорлик миқдорини бундан анча паст деб баҳоламоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, АҚШ томонидан қарзларни тўлаш кечиктирилиши давом этса, мамлакатнинг БМТдаги овоз бериш ҳуқуқи чекланиши мумкин.
АҚШ БМТнинг энг йирик молиявий донори ҳисобланади. Шу билан бирга, Вашингтон мунтазам бюджет бадалларини тўлашни кечиктирган ҳамда БМТ тизимидаги ташкилотларни ихтиёрий молиялаштириш ҳажмини қисқартирган.
БМТ эса аъзо давлатларнинг тўловларни кечиктириши сабабли ликвидлик муаммосига дуч келмоқда. Хитойнинг ташкилот олдидаги қарзи ҳам қарийб 455 миллион долларни ташкил этиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг жами давлат қарзи 40,047 триллион долларга етгани хабар қилинган эди.








