“Стадионни қандай қилиб йўқ қилиб юборяпсан?” — Сурхондарё ҳокими
Улуғбек Қосимов мактаб стадионлари ўрнида қўшимча бинолар қурилаётганини танқид қилиб, мактаб ҳудудларидан фойдаланишда масъулиятли ёндашувни талаб қилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Олтинсой туманида фуқаролар қабули давомида мактаб ҳудудларидаги футбол стадионлари ва спорт майдонларининг қисқариб бораётгани масаласига эътибор қаратди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан 20 август куни эълон қилинган видеолавҳада Улуғбек Қосимов айрим мактабларда стадионлар ўрнида қўшимча бинолар қурилаётганини танқид қилган.
Ҳокимнинг таъкидлашича, мактаб стадионлари ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришида муҳим ўрин тутади.
“Стадионни йўқ қилиб, янги қўшимча бино қурдириб юборяпти. Мен айтяпман: сен стадионда футбол ўйнамаганмисан? Мактабда ўқимаганмисан? Стадионни қандай қилиб йўқ қилиб юборяпсан? Футбол жуда ҳам керак. Ҳаммамиз футбол ўйнаб катта бўлганмиз”, — деган Улуғбек Қосимов.
Вилоят раҳбари болалик даврини мисол қилиб, мактабдаги дарслар бўлмаган пайтларда ўқувчилар стадионга чиқиб, футбол ўйнаганини таъкидлаган.
“Стадионга чопардик, дарс бўлмай қолса, ҳамма ялангоёқ футбол ўйнардик. Шуни йўқ қилгандан кейин ҳамма телефон ўйнайдида ҳозир, бошқа нима қилади?” — дея таъкидлаган ҳоким.
Улуғбек Қосимов, айниқса, мактаб ҳудудларидан фойдаланиш масаласида масъулларни эҳтиёткор ва масъулиятли ёндашишга чақирган. Унинг таъкидлашича, таълим муассасаларининг мавжуд инфратузилмаси, жумладан, спорт майдонлари ўқувчилар манфаатидан келиб чиқиб асраб-авайланиши лозим.
“Мактаб билан биронтанг ҳазиллашма. Мактаб — жуда ҳам улуғ даргоҳ”, — деган Сурхондарё вилояти ҳокими.
Шунингдек, Улуғбек Қосимов аввалроқ ўтказилган йиғилишлардан бирида ҳудуддаги йўлларнинг ҳолати, темир йўл вагонларининг аҳволи, шунингдек, поезд ва самолёт чипталари тарифлари билан боғлиқ масалаларни ҳам танқид қилган эди.








