Сурия Макка келишувига қўшилиши мумкин
Ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилинмаган.

Сурия Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон томонидан имзоланган Макка ўзаро мудофаа келишувига қўшилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ ҳозирча бу борада якуний қарор қабул қилинмаган.
Бу ҳақда Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний Покистонга расмий ташрифи якунлари бўйича журналистларга маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, Дамашқ Макка мудофаа келишувига қўшилиш вариантларини ўрганмоқда. Айни пайтда Сурия ташқи сиёсатида мамлакатни қайта қуриш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро ва минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият берилмоқда.
Исроил билан муносабатларга тўхталган аш-Шайбоний стратегик келишув масаласини муҳокама қилиш учун ҳозирча эрта эканини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳужумларига чек қўйиш Дамашқ учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Аш-Шайбоний 19 август куни Сурия делегациясига бошчилик қилиб, Покистонга ташриф буюрган. Бу Сурия ташқи ишлар вазирининг сўнгги 19 йил ичида Покистонга амалга оширган илк ташрифи бўлди.
Макка ўзаро мудофаа келишуви 7 август куни Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон томонидан имзоланган. Келишувга кўра, аъзо давлатлардан бирига уюштирилган қуролли ҳужум барча иштирокчиларга қарши тажовуз сифатида баҳоланиши белгиланган.








