Россия Украинага йирик ракета ва дрон ҳужуми уюштирди
Киев ва бошқа шаҳарларда портлар, энергетика ва саноат объектлари, шунингдек, йирик савдо компанияларининг логистика марказлари нишонга олинган.

Россия 27 августга ўтар кечаси Украина ҳудудига ракета ва дронлар билан йирик ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Украина ҳарбийлари ҳужум вақтида 258 та дрон ва баллистик ракеталар қўлланганини маълум қилди. Ҳаво мудофааси кучлари еттита баллистик ракетани уриб туширган.
Киевда ҳаво ҳужуми бир неча соат давом этган. Дронлар қолдиқлари оқибатида тўрт киши жароҳатланган. Харкив шаҳридаги савдо марказига берилган зарба оқибатида эса бир киши ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган.
Ҳужумлар Киев вилоятидаги COMFY компаниясининг тарқатиш марказига ҳам зарар етказган. Ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи компаниянинг яна бир логистика маркази вайрон қилинган. “Roshen” компанияси эса Киев яқинидаги омборларидан бири йўқ қилинганини билдирган.
Россия Мудофаа вазирлиги зарбалар Кривoй Рoг ва Запорожжядаги металлургия корхоналари, Полтава вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводи, Киев атрофидаги логистика марказлари ҳамда Одеса вилоятидаги учта портга берилганини маълум қилди. Ҳужумлар оқибатида Украинанинг бир нечта ҳудудларида поездлар қатнови кечикди.
Бундан ташқари, олтита Россия дрони Молдова ҳаво ҳудудига кирган. Улардан бири Молдова ҳудудидан топилган. Президент Майя Санду ҳодисани қоралади.
Россия эса Украина томонидан Британия қуролларидан фойдаланиб Россия ҳудудига берилган зарбаларга жавобан Буюк Британиянинг Украина ичидаги ва ташқарисидаги ҳарбий объектларига зарба бериши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Аввалроқ Украина Россиядаги Ozon логистика маркaзларига зарба берган эди.








